Таълим тизимли билим олишнинг энг муҳим ва ишончли усулидир. Таълимга икки томонлама алоқа (таълим олиш ва таълим бериш), шахсни ҳар томонлама ривожлантириш ва бошқа хусусиятлар хосдир. Таълим ўқитувчи томонидан бошқарилувчи ўзига хос англаш жараёнидир. Ўқитувчининг йўналтирувчи сифатидаги роли ўқувчиларнинг ақлий ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришни таъминловчи билим, кўникма ва малакаларни тўлиқ ўзлаштира олишларида кўринади.
Таълим ўқитувчининг ўқувчилар билан мулоқоти жараёни ҳам саналади. У ўқувчиларга ўқув материали мазмунини тушунтириб беради, савол ва топшириқлар беради, уларнинг фаолиятини назорат қилади, хато ва камчиликларини аниқлайди, йўл қўйилган хатоларни тўғрилайди, қандай ишлаш лозимлигини қайта кўрсатади. Ҳар қандай таълим ўзида ўқитувчи ва ўқувчининг фаолияти, яъни, ўқитувчининг ўргатиш ҳамда ўқувчининг ўрганишга йўналтирилган фаолияти, бошқачаи айтганда тўғридан тўғри, бевосита ва нисбий муносабат акс этади.
Таълим ўқувчиларга назарий билимларни бериш асосида уларнинг билиш қобилиятларини ўстириш, уларда амалий кўникма ва малакалар, шунингдек, дунёқарашни шакллантиришга йўналтирилган жараёндир.
Таълим ва таълим жараёни (дидактик жараён) синоним тушунчалар эмас. Жараён бу яхлит педагогик ҳодиса, педагогик фаолиятнинг таркибий қисми сифатида таълим тизимининг муайян ҳолатини ўзгартириш ҳисобланади. Жараён моҳиятини В.П.Беспалько томонидан таклиф этилган қуйидаги формула асосида тўлақонли англаш мумкин:
ДЖ=М+Ўф+Б
Бу ерда :
ДЖ – дидактик жараён;
М – ўқувчиларнинг ўқиш (таълим олиш) мотивацияси;
Ўф –ўқувчиларнинг ўзлаштириш фаолияти;
Б –ўқувчиларнинг билиш фаолиятларини бошқариш.
Таълим жараёнининг “яхлитлиги” “тизимлилиги” ва “мажмуавийлиги”ни бир хилда талқин этиш мумкин эмас. Бироқ, таълим жараёнининг яхлитлиги унинг тизимлилиги билан узвий боғлиқ.
Тизим (мустақил тушунча сифатида) ўзаро боғланган кўплаб элементлар (таркибий қисмлар) ўртасидаги мустаҳкам бирлик ва ўзаро яхлитликдир. Демак, таълим яхлит тизим сифатида кўплаб ўзаро боғлиқ қуйидаги элементларни ўз ичига олади: таълим мақсади, ўқув ахборотлари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таълимий фаолиятлари, унинг шакллари, педагогик мулоқот воситалари, шунингдек, таълим жараёнини бошқариш усуллари.
Таълим жараёнининг тузилиши модели
Таълимнинг ма қ сади
Таълимни ташкил этиш шакллари
Ўқув материали мазмуни
Ўқитувчи фаолияти
Воситалар
Методлар
Ўқувчи фаолияти
Таълим натижаси
Таълим функциялари
“ Функция” тушунчаси “таълим вазифалари” тушунчасига яқиндир. Таълим функцияси таълим жараёни моҳиятини ифода этади, вазифаси эса таълимнинг компонентларидан бири ҳисобланади.
Таълим бериш функцияси таълим жараёнининг ўқувчиларда билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришдан иборат. Таълим натижаси сифатида б илимларининг тўлалиги, чуқурлиги, тизимлилиги, англанганлиги, мустаҳкамлиги ва амалий хусусият касб этиши муҳимдир. Бу каби ҳолатлар таълим жараёнининг методик жиҳатдан тўғри ташкил этилганлигини ифодалайди.
Таълим жараёнида ўқувчиларда улар томонидан ўзлаштирилган назарий билимлар асосида ҳосил қилинган амалий кўникма ва малакаларнинг шаклланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Малака – онгли хатти-ҳаракатнинг автоматлаштирилган таркибий қисми. Умумий кўникма ва малакаларга оғзаки ва ёзма нутқни билиш, ахборот материалларидан фойдалана олиш, ўқиш, манбалар билан ишлаш, реферат ёзиш, мустақил ишини ташкил этиш кабилар киради.
Таълимнинг ривожлантирувчи функцияси таълим жараёнида, билимларни ўзлаштириш жараёнида ўқувчининг ривожланиши содир бўлишини кўрсатади. Ривожланиш қуйидаги йўналишларда содир бўлади: нутқи ривожланиши, фикрлаши, шахснинг сенсорли ва ҳаракатланиш соҳалари, эмоционал-иродавий ва эҳтиёж-сабабли соҳалари ривожланади. Тўғри ташкил этилган таълим шахсни ҳар доим ривожлантиради, лекин ўқитувчи ва ўқувчининг шахсий ҳар томонлама ривожланишига қаратилган махсус ўзаро муносабатларида ривожлантириш функцияси янада самаралироқдир.
Таълимнинг ўқувчи шахсини ривожлантиришга йўналтирилганлиги “ривожлантирувчи таълим” тушунчаси билан ифоладанали. ХХ аср 60-йилларидан бошлаб ривожлантирувчи таълимни ташкил этишга нисбатан турли ёндошувлар юзага келди.
Буларнинг ҳаммаси таълимни ташкил этиш фақат билимларни шакллантиришга эмас, ўқувчини ҳар томонлама ривожлантириш (биринчи навбатда, ақлий ривожлантириш, ақлий фаолият усуллари, анализ қилиш, таққослаш, турларга ажратиш ва бошқаларни кузатиш, хулоса чиқариш, объектларнинг муҳим белгиларини ажрата билиш, фаолият мақсади ва усулларини аниқлашни билишга ўргатиш, унинг натижаларини текширишни билиш малакасини ривожлантириш)га хизмат қилишини англатади.
Таълим жараёни тарбияловчи хусусиятга ҳам эга. Т арбия ва таълим ўртасидаги боғлиқлик объектив ва қонуний ҳисобланади . Бироқ шахсни таълим жараёнида тарбиялаш ташқи омиллар (оила, микромуҳит ва бошқалар)нинг таъсири туфайли қийин кечади.
Тарбиялаш функцияси. Таълимнинг тарбияловчилик хусусияти турли ижтимоий тузум ҳамда шароитда ҳам яққол намоён бўлади. Тарбиялаш функцияси таълим мазмуни, шакли ва методларининг моҳияти билан белгиланади ва ўқитувчи ҳамда ўқувчилар ўртасидаги муносабатларни ташкил этиш жараёнида етакчи ўрин тутади.
Таълим жараёнида шахснинг маънавий-ахлоқий ва эстетик тасаввурлари, хулқ-атвори ва дунёқараши шакллантирилади.
Таълимнинг тарбияловчилик хусусияти, энг аввало, таълим мазмунида акс этади. Бироқ, шуни ҳам эътиборда тутиш керак-ки, барча ўқув фанлари ҳам бирдек тарбияловчилик имкониятига эга эмас. Гуманитар ва эстетик фанларнинг бу борадаги имкониятлари юқори.
Таълим жараёнида тарбиянинг иккинчи омили ўқитувчи ва ўқувчиларнинг муносабатлари, синфдаги психологик муҳит, ўқиш жараёни иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари, ўқувчиларнинг идрок этиш фаолиятларига ўқитувчининг раҳбарлиги ҳисобланади. Замонавий педагогика ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги муносабатнинг энг қулай усули сифатида демократик усулини эътироф этади. Бу усул таълим жараёнида ўқувчилар шахсини ҳурмат қилиш, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишларини инобатга олинишини англатади.
Ўқитувчи фаолиятининг вазифаси ва тузилиши
Таълим муассасаси (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари)да, ташкил этилувчи таълим жараёнида ўқувчининг фаолияти ўқитувчи раҳбарлиги остида кечади. Ўқитувчи фаолиятининг вазифаси ўқувчиларнинг ижтимоий борлиқни онгли ва фаол идрок этишга йўналтирилган фаолиятларини бошқаришдан иборатдир.
Ўқитувчи фаолиятини режалаштириш босқичи календар-тематик ёки дарслар режаларини тузиш билан якунланади. Режалар, режа-конспектлар ёки конспектларни тузиш учун узоқ, жиддий ишлаш керак бўлади. Ўқитувчи ўқувчиларнинг тайёрликлари даражаси, уларнинг ўқув имкониятлари, моддий база ҳолати, шахсий (касбий) имкониятларини ўрганиб чиқиши, ўқув материали мазмунини танлаб олиши, дарс олиб бориш шакли ва методини ўйлаб чиқиши керак бўлади.
Ўқувчилар фаолиятини ташкил этиш ўқувчилар олдига ўқув масалаларини қўйишни ва уни бажариш учун имкониятлар яратишдан иборат бўлади.
Таълим жараёнида ўқувчиларнинг фаолияти
1. Билим олиш.
2. Ўқув ҳаракатлари.
3. Идрок этиш ва англаб етиш.
4. Ўз - ўзини назорат қилиш, баҳолаш ва таҳлил этиш.
Билим олиш фаолиятнинг ўзига хос кўриниши сифатида муайян тузилиш, ривожланиш ва фаолият қонуниятларига эга. Билим олиш борлиқни идрок этиш, ўрганиш, машқ қилиш ва муайян тажриба асосида хулқ-атвор ҳамда фаолият кўникма, малакаларининг мустаҳкамланиб, мавжуд билимларнинг такомиллашиб, бойиб бориш жараёни ҳисобланади. Билим олишнинг муҳим компоненти мотив, яъни, таълимий характердаги ҳаракат ёки фаолиятни ташкил этишга нисбатан рағбатни ҳис этиш, эҳтиёжнинг юзага келишидир.
Ўқишнинг кейинги компоненти ўқув ҳаракатлари (операциялари) саналиб, улар англанган мақсадга биноан амалга оширилади. Ўқув ҳаракатлари ўқув жараёнини ташкил этишнинг барча босқичларида намоён бўлади. Ҳаракатлар ташқи (кузатиладиган) ва ички (кузатилмайдиган) кўринишда бўлиши мумкин. Ташқи ўқув ҳаракатларига предметли ҳаракатлар (ёзиш, расм чизиш, тажрибалар ўтказиш); перцептив ҳаракатлар (тинглаш, фикрлаш, кузатиш, сезиш) ҳамда нутқдан фойдаланиш киради.
Ички (мнемоник, юнончадан «mnemonikon» - эслаб қолиш маданияти) ҳаракатларга материални эслаб қолиш, уни тартибга солиш ва ташкил этиш, шунингдек, тасаввур ва фикрлаш ҳаракатлари (интеллектуал) киради.
Ҳар қандай билимни ўзлаштиришда ўқувчилардан идрок этиш маданиятига эга бўлиш ва ўқув материалини англаб етиш талаб этади. Педагогик жараёнда ўқувчилар томонидан илмий билимларнинг маъносини етарли даражада тушунмай, фақат товушлар бирлиги сифатида қабул қилиниши ва ёдлаб олиниши хавфилидир.
Ўқувчиларни илмий билимларни уларнинг моҳиятини тўла тушунган ҳолда ўзлаштириш шартлари билан таништириб, уларга ўзини ўзи назорат қилишнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадга мувофиқдир. Ўзини ўзи назорат қилишда ўқувчилар улар қўллаётган ақлий меҳнат воситаларининг самарадорлиги, шунингдек, ўз меҳнати натижаларини баҳолаши керак.
Натижаларни баҳолаш, назорат қилиш ва таҳлил этиш ўқув ҳаракатларининг ажралмас қисмлари ҳисобланади. Таълим жараёнида ўқувчи томонидан ўзини назорат қилиш, ўзини баҳолаш ва ўзини анализ қилиш амалга ошириш ўқитувчининг шунга ўхшаш ўргатувчи ҳаракатларини кузатиш асосида шаклланади. Бу ҳаракатларни шакллантириш ўқувчиларни ўз тенгдошлари фаолиятини кузатишга жалб этиш, ўзаро назоратни ташкил этиш, ўрнатилган мезонлар асосида ўз фаолияти натижаларини ўзаро баҳолаш ва таҳлил қилишга ёрдам беради.
Билимларни ўзлаштириш жараёнининг тузилиши
билимларни қўллаш
мустаҳкамлаш
англаб етиш
идрок этиш
Таълим қонуниятлари
Ўқув жараёнида амал қилувчи барча қонуниятлар умумий ва хусусий тарзига икки гуруҳга ажратилади. Амал қилинишига кўра яхлит дидактик тизимни қамраб оладиган қонуниятлар умумий , амал қилинишига кўра фақат алоҳида таркибий қисмларига тааллуқли бўлган қонуниятлар эса хусусий (аниқ) деб аталади.
И.П.Подласый таълим жараёнининг қуйидаги умумий қонуниятларини ажратиб кўрсатади:
1. Таълим мақсади жамиятнинг ривожланиш суръати ва даражаси, жамиятнинг талаблари ва имкониятлари ҳамда педагогика фани ва амалиётининг ривожланганлиги ва имкониятлари даражаси боғлиқ.
2. Таълим мазмуни таълимнинг ижтимоий эҳтиёжлари ва мақсадлари, ижтимоий ва илмий-техник тараққиёт суръати, ўқувчиларнинг ёш имкониятлари, таълим назарияси ва амалиётининг ривожланиш даражаси, шунингдек, ўқув юртининг моддий-техник ва иқтисодий имкониятлари боғлиқ.
3. Таълим сифати (самарадорлиги) аввалги босқич маҳсулдорлиги ва мазкур босқичда эришилган натижалар, ўрганилаётган материал хусусияти ва ҳажми, ўқувчиларга ташкилий-педагогик таъсир кўрсатиш ҳамда ўқувчиларнинг билим олишга қобилиятлари ва таълим вақтига боғлиқ.
4. Таълим методлари самарадорлиги методларни қўллашда билимлари ва кўникмалари, таълим мақсади, таълим мазмуни, ўқувчиларнинг ёши, таълим олиш имкониятлари, моддий-техник таъминот ҳамда ўқув жараёнини ташкил этишга боғлиқ.
5. Таълимни бошқариш маҳсулдорлиги таълим тизимида қайта алоқаларнинг интенсивлиги ва тузатиш, таъсир кўрсатишларнинг асосланганлилигига боғлиқ.
6. Таълимни рағбатлантириш самарадорлиги таълимнинг ички рағбатлари (сабаблари) ҳамда ташқи (ижтимоий, иқтисодий, педагогик) рағбатларига боғлиқ.
Замонавий фанга аниқ қонуниятлар кўплаб сони маълумдир. Улар қаторига қуйидагилар киради:
1. Дидактик қонуниятлар.
2. Гносеологик қонуниятлар.
3. Психологик қонуниятлар.
4. Кибернетик қонуниятлар.
5. Социологик қонуниятлар.
6. Ташкилий қонуниятлар.
Дидактик тамойиллар
Дидактик тамойиллар (дидактика тамойиллари) ўқув жараёнининг умумий мақсадлари ва қонуниятларига кўра ташкил этилувчи таълим жараёнининг ташкилий шакл ва методлари, асосий қоидалари моҳиятини белгиловчи мазмундир. Таълим тамойилларида таълимнинг аниқ, тарихий тажрибага асосланувчи меъёрий асослари (қоидалари) ўз ифодасини топган. Таълим тамойилларини билиш ўқув жараёнини унинг қонуниятлари асосида ташкил этиш, унинг мақсадларини асосли равишда белгилаш ва ўқув материалини мазмунини танлаб олиш, мақсадга мувофиқ таълим шакли ва методларини танлаш имконини беради. Шу билан бирга бу тамойиллар ўқитувчилар ва ўқувчиларга яхлит жараённинг босқичларига амал қилиш, ўзаро алоқалар ва ҳамкорликни амалга оширишга имкон беради.
Таълимнинг мазмунли тамойиллари
Улар таълим мазмунини танлаш билан боғлиқ бўлган қонуниятларни акс эттиради ва қуйидаги ғояларни ифодалайди:
- фуқаролик;
- илмийлиги;
- тарбияловчи таълим;
- фундаменталлиги ва амалий йўналганлиги (таълимнинг ҳаёт билан, назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги);
- табиат билан уйғунлиги;
- маданият билан уйғунлиги;
- инсонпарварлиги.
Таълимнинг ташкилий–методик тамойиллари.
Таълимни ташкил этиш методикаси таълим мазмунини шакллантириш каби эркин танланиши мумкин эмас. Бу борада муайян ижтимоий, психологик ва педагогик талабларни инобатга олиш зарур. Бундай талаблар т аълимнинг ташкилий-методик тамойиллари деб юритилувчи тамойиллар мазмунида ўз ифодасини топган: